СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТ AYOLLARINING ИНТЕРНЕТ НАШРИ

вторник, 7 апреля 2020 г.

Пандемия шароитида товарларнинг экспорт-импорти тўхтовсиз давом этмоқда


Бутун дунёни ларзага солаётган “коронавирус” балоси бизнинг мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Бу эса мамлакатимизнинг иқтисодий барқарорлигига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.  Шундай экан бугунги куннинг энг асосий вазифаларидан бири бу – товарлар экспорт-импортини қўллаб-қувватлаш орқали Республикамиз иқтисодий барқарорлигини таъминлашдир.

Хусусан, карантин шароитида ҳам мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида божхона органларида ҳам бир қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг “Дарё порти” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида ҳам куну-тун товарларнинг божхона расмийлаштируви йўлга қўйилган.



Мазкур божхона постида хизмат қилаётган ходимлар хавфсизлиги ва коронавирус инфекциясини кириб келишини олдини олиш мақсадида санитария-эпидемиология назорат ўтказиш пунктлари замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланиб, божхона ходимлари махсус тиббий комбинзонлар билан таъминланган.
Мазкур ташқи иқтисодий фаолият божхона пости Афғонистон ва Ўзбекистон давлатлари ўртасида Амударё орқали юк ташувида сув транспорти ва уларда ташилаётган товарларни божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказишга ихтисослаштирилган бўлиб хозирда аҳолининг энг муҳим зарурий ва бирламчи товарлари бўлган картошка, шакар, гуруч, саримсоқ пиёз каби маҳсулотлар тез фурсатларда ички бозорларга этказиб берилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида “Дарё порти” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида 751 тонна картошка,112 тонна гуруч, 10 тонна саримсоқпиёз маҳсулотлари қисқа муддатларда “эркин мурмалага чиқариш” божхона режимига расмийлаштирилиб, ички бозорларга тарқатилди.
Бундан ташқари, мавжуд вазиятни инобатга олган ҳолда Муҳтарам юртбошимиз томонидан 2020 йил 3 апрелда қабул қилинган ПФ-5978 сон Фармонга асосан, яна 20 турдаги товарлар (13 турдаги озиқ-овқат, 7 турдаги гигиена) импортига 2020 йилнинг сўнгига қадар божхона божи ва акциз солиғидан имтиёзлар жорий этилди.

Бундан кўриниб турибдики, мамлакатимизда озиқ-овқат тақчиллиги билан боғлиқ муаммолар вужудга келмайди. Биздан талаб этилаётгани эса ўзимиз ва ўзгаларнинг соғлиғига бефарқ бўлмасдан, қарантин қоидаларига қатъий риоя қилиш, холос.
Мастура Хамраева
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси 

Сурхондарё вилоят бўлими мутахассиси

Комментариев нет:

Отправить комментарий

  КИБЕРЖИНОЯТ:алдовдан жазога Кунлик янгиликларни интернет орқали ўқир эканмиз фирибгарларнинг ижтимоий тармоқлар орқали жиноий хатти-ҳарака...